Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 22 сентябрь куни “Меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар тўғрисида хабар бериш, уларни текшириш ва ҳисобга олиш ҳамда уларнинг оқибатида етказилган зиённинг ўрнини қоплаш тўғрисида”ги 505-сонли Қарори билан “Меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар тўғрисида хабар бериш, уларни текшириш ва ҳисобга олиш тартиби ҳақида”ги Низом тасдиқланди.Мазкур Низомга асосан Иш берувчи бахтсиз ҳодисани текшириш якунлари бўйича электрон ахборот тизими орқали киритилган Н-1 шаклидаги далолатномани бир иш куни ичида тасдиқлаши ва нусхасини жабрланувчига етказиши шарт.Н-1 шаклидаги далолатнома билан расмийлаштирилган бахтсиз ҳодисалар ташкилот томонидан ҳисобга олинади ва электрон ахборот тизимида қайд қилинади.Иш берувчи Н-1 шаклидаги далолатномани тузишдан бош тортса, жабрланувчи ёки унинг манфаатларини ҳимоя қилувчи шахс Н-1 шаклидаги далолатнома мазмунидан норози бўлса, ташкилот касаба уюшмаси қўмитасига ёки ходимларининг бошқа вакиллик органига мурожаат қилади.Ташкилотнинг касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларининг бошқа вакиллик органи ўн иш куни ичида бахтсиз ҳодисанинг келиб чиқиши сабабларини ўрганиб чиқади, меҳнатни муҳофаза қилишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бузилишини аниқлайди, зарур деб ҳисобласа, иш берувчидан Н-1 шаклидаги далолатномани тузишни ёки қайта тузишни талаб қилади.Иш берувчи бу талабларни бажармаса, ташкилот касаба уюшмаси қўмитасига ёки ходимларининг бошқа вакиллик органи, шунингдек, жабрланувчи ёки бошқа манфаатдор шахс ҳудудий Бандлик органларининг Давлат меҳнат инспекциясига мурожаат қилади.Н-1 шаклидаги далолатнома тузилмагани ёки нотўғри тузилгани аниқланган ҳолларда, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича (бош, катта) давлат техник инспектори иш берувчидан Н-1 шаклидаги далолатномани тузишни ёки қайтадан тузишни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Иш берувчи меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича (бош, катта) давлат техник инспектори хулосасини бажаришга мажбур. Иш берувчи ҳар бир бахтсиз ҳодиса юзасидан тузилган Н-1 шаклидаги далолатнома асосида уч иш куни ичида электрон ахборот тизимига тегишли маълумотларни киритиши шарт деб белгилаб берилди.
ФИБ Иштихон туманлараро суди раиси Ф.Қаршиев ва судья М.Мардонов

Izoh qoldiring