Табиат — инсон ҳаётининг асосий манбаи, жамият тараққиёти ва келажак авлодлар фаровонлигининг муҳим омилидир. Атроф-муҳитнинг мусаффолиги, ер ва сув ресурсларининг сақланиши, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг муҳофаза қилиниши нафақат экологик, балки ижтимоий ва ҳуқуқий аҳамиятга ҳам эга.
Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 62-моддасига асосан фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар.
Бугунги кунда табиатга етказилаётган зарар, жумладан, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши, сув манбаларининг ифлосланиши, ер майдонларининг яроқсиз ҳолга келтирилиши, дарахтларнинг ноқонуний кесилиши ва чиқиндиларни белгиланган талабларга зид равишда жойлаштириш каби ҳолатлар жиддий ташвиш уйғотмоқда.
Экологик ҳуқуқбузарлик — бу фақат табиатга нисбатан содир этилган қоидабузарлик эмас, балки инсоннинг соғлом ва хавфсиз муҳитда яшаш ҳуқуқига ҳам тажовуздир.
Табиатга етказилган зарар учун ҳуқуқий жавобгарлик
Ўзбекистон Республикасида табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатлар бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.
Хусусан, «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонун табиий муҳитни сақлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик хавфсизликни таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини белгилайди.
Мазкур Қонуннинг 49-моддасига мувофиқ, атроф табиий муҳитга зарар етказган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва айрим шахслар етказилган зарарни, шу жумладан бой берилган фойда ўрнини қонунчиликка мувофиқ қоплашлари шарт.
Эътиборли жиҳати шундаки, экологик талабларни бузганлик учун маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилиш шахсни табиатга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятидан озод этмайди.
Демак, ҳуқуқбузарга нисбатан жарима қўлланилиши унинг табиатга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятини бекор қилмайди. Бу иккиси ҳуқуқий жиҳатдан мустақил оқибатлар ҳисобланади.
Зарарни қоплашда суднинг ўрни табиатга етказилган зарарни қоплаш билан боғлиқ низоларни ҳал этишда судларнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади.
Бундай тоифадаги ишларни кўриб чиқишда, энг аввало, қуйидаги ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш муҳим:
– атроф табиий муҳитга зарар етказилганлиги;
-зарар етказган шахс ёки ташкилотнинг аниқланиши;
-зарар миқдорининг қонунчиликда белгиланган тартибда ҳисобланганлиги;
-зарар етказиш билан юзага келган оқибатлар ўртасидаги сабабий боғланиш;
-зарарни қоплашнинг қонуний асослари ва тартиби.
Бунда зарар миқдорини ҳисоблашда тегишли ваколатли органларнинг далолатномалари, текширув материаллари, мутахассислар хулосалари, лаборатория натижалари ва бошқа далиллар муҳим аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, зарар миқдорини ҳисоблаш учун қўлланилган методика ва норматив ҳужжатларнинг тўғри татбиқ этилганлиги ҳам суд томонидан текширилиши лозим.
Экологик ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш — умумий вазифа
табиатни муҳофаза қилиш фақат давлат органлари ёки экологик назорат идораларининг вазифаси эмас. Бу ҳар бир фуқаро, тадбиркорлик субъекти ва ташкилотнинг ҳам масъулиятидир.
Чунки бугун табиатга етказилган зарар эртага инсон саломатлиги, иқтисодиёт ва жамият фаровонлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Шу сабабли экологик қонунчилик талабларига риоя этиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва етказилган зарарни ўз вақтида қоплаш муҳим аҳамиятга эга.
Хулоса, табиатга етказилган зарарни қоплаш масаласи оддий пул ундириш билан чекланмаслиги керак. Унинг асосий мақсади бузилган экологик мувозанатни тиклаш, табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ва келгусида бундай ҳуқуқбузарликларнинг такрорланишига йўл қўймасликдан иборат.
Зеро, табиатни асраш — келажакни асрашдир. Экологик қонунчилик талабларига амал қилиш эса ҳар биримизнинг нафақат ҳуқуқий, балки инсоний бурчимиз ҳамдир.
Фуқаролик ишлари бўйича
Хатирчи туман суди раиси А.Ҳамраев

Izoh qoldiring