Asosiy mazmunga o‘tish

БОЛА МАНФААТИ — ҚОНУН ҲИМОЯСИДА: АЛИМЕНТ МАСЪУЛИЯТИ ВА УНИНГ ҲУҚУҚИЙ КАФОЛАТЛАРИ

Оила жамиятнинг асосий бўғини, фарзанд эса унинг энг бебаҳо неъматидир.

Ҳар бир бола оилада меҳр-муҳаббат, эътибор ва ғамхўрлик муҳитида улғайишга, муносиб таълим-тарбия олишга ҳамда моддий жиҳатдан таъминланишга ҳақли. Бироқ ҳаётда турли сабабларга кўра ота-оналар ўртасидаги оилавий муносабатлар барҳам топиши, уларнинг алоҳида яшаши ҳолатлари учраб туради. Бундай вазиятларда энг кўп эътибор ва ҳимояга муҳтож бўлган шахс — вояга етмаган боладир.

Афсуски, айрим ҳолларда ота-оналар ўртасидаги келишмовчиликлар фарзандлар манфаатларига ҳам таъсир кўрсатади. Хусусан, боланинг моддий таъминоти билан боғлиқ мажбуриятларни бажармаслик, алимент тўлашдан бўйин товлаш каби ҳолатлар унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига жиддий таъсир қилиши мумкин.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ота-онанинг фарзанд олдидаги мажбуриятлари уларнинг бирга ёки алоҳида яшаши, никоҳ муносабатларининг сақланганлиги ёки бекор қилинганлигидан қатъи назар амал қилади. Бу талаб Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда Оила кодекси нормаларида мустаҳкамланган.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 96-моддасига мувофиқ, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Агар ота-она фарзандини ихтиёрий равишда таъминламаса, унинг таъминоти учун алимент суд тартибида ундирилади.

Алимент ундиришнинг асосий мақсади ота-оналардан бирини иккинчиси олдида мажбуриятли қилиш эмас, балки боланинг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур бўлган моддий шароитни таъминлашдан иборатдир.

Шу нуқтаи назардан, алиментни собиқ турмуш ўртоққа тўланадиган маблағ сифатида эмас, балки боланинг қонуний ҳуқуқи сифатида баҳолаш лозим.
Қонунчиликда алимент миқдорини белгилашнинг аниқ мезонлари мавжуд. Жумладан, Оила кодексининг 99-моддасига асосан, бир нафар бола учун ота-онанинг ҳар ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг тўртдан бир қисми, икки нафар бола учун учдан бир қисми, уч ва ундан ортиқ бола учун эса ярми миқдорида алимент ундирилади. Бунда суд тарафларнинг моддий ва оилавий аҳволини, шунингдек, иш учун аҳамиятли бўлган бошқа ҳолатларни ҳисобга олиб, алимент миқдорини кўпайтириши ёки камайтириши мумкин.

Амалиётда алимент тўловчининг расмий иш жойи мавжуд эмаслиги ёки доимий даромад олмаслиги билан боғлиқ ҳолатлар ҳам учрайди. Бироқ бу ҳолатлар уни фарзандини таъминлаш мажбуриятидан озод қилмайди. Оила кодексининг 102-моддасида назарда тутилган тартибга кўра, алимент тўловчининг даромади ўзгарувчан бўлганда ёки даромад олиш манбаи мавжуд бўлмаган бошқа ҳолатларда алимент ҳар ойда тўланадиган қатъий пул суммасида белгиланиши мумкин. Бу эса боланинг моддий манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ҳуқуқий кафолат ҳисобланади.

Алимент ундириш жараёнида суд ҳимоясидан фойдаланиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Қонунчиликда талабнинг хусусияти ва иш ҳолатларидан келиб чиқиб, алимент ундириш суд буйруғи ёки даъво тартибида амалга оширилиши назарда тутилган. Бунда суд томонидан қабул қилинган ҳужжат боланинг таъминотига оид мажбуриятларни ҳуқуқий жиҳатдан белгилаб беради.

Бироқ алимент ундириш тўғрисидаги суд ҳужжатининг қабул қилиниши масаланинг тўлиқ ҳал этилганини англатмайди. Энг асосий масала — унинг амалда ижро этилишидир. Шу боис алимент мажбуриятларини бажаришни таъминлашда Мажбурий ижро бюроси органларининг фаолияти алоҳида ўрин тутади.

Давлат ижрочилари қарздорнинг иш жойи, даромадлари ва мол-мулкини аниқлаш, қонунчиликда белгиланган ижро чораларини қўллаш орқали алимент ундирилишини таъминлашга қаратилган ҳаракатларни амалга оширади. Агар алимент тўловчи белгиланган мажбуриятни бажармаса, юзага келган қарздорлик қонунчиликда белгиланган тартибда ҳисоблаб чиқилади.

Оила кодексининг 139-моддасига мувофиқ, алимент қарздорлигини ҳисоблаш давлат ижрочиси томонидан амалга оширилади. Шунингдек, 142-моддада алиментни ўз вақтида тўламаганлик учун неустойка ундириш билан боғлиқ мулкий жавобгарлик белгиланган. Қолаверса, алимент тўлашдан бўйин товлаш ҳолатларига қараб, қонунчиликда маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари ҳам назарда тутилган.

Боланинг моддий таъминоти фақат кундалик эҳтиёжлар билан чекланмайди. Айрим ҳолларда унинг соғлиғини тиклаш, даволаниши ёки бошқа фавқулодда эҳтиёжлари учун қўшимча харажатлар талаб этилади. Оила кодексининг 103-моддасида бундай харажатларда ота-онанинг иштирок этиш мажбурияти ҳам белгиланган. Демак, ота-онанинг масъулияти фақат белгиланган алиментни тўлаш билан чекланиб қолмайди.

Эътиборли жиҳати шундаки, алимент масаласида боланинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фақат унинг қонуний вакилларининг фаоллигига боғлиқ бўлиб қолмаслиги керак. Қонунчиликда боланинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бошқа ҳуқуқий механизмлар ҳам мавжуд. Хусусан, белгиланган шартлар асосида васийлик ва ҳомийлик органлари ҳамда ўн тўрт ёшга тўлган боланинг ўзи ҳам алимент ундириш ҳақида судга мурожаат қилиши мумкин.

2026 йил 10 ойи давомида фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судига алимент ундириш билан боғлиқ 231 да даъво ишлари кўрилган, 482 та суд буйруғи чиқарилган.

Бу рақамлар ҳудудда оилавий низолар кўплигидан, оилалар ўртасида ҳуқуқий ва маънавий тарбияни кучайтириш, ота-оналар билан тушунтириш ишларини олиб бориш лозимлигидан далолат беради.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, алимент масаласи фақат оилавий муносабатлар доирасидаги низо эмас, балки боланинг конституциявий ва қонуний ҳуқуқларини таъминлаш билан бевосита боғлиқ муҳим ижтимоий-ҳуқуқий масаладир. Ота-онанинг фарзанд олдидаги масъулияти уларнинг шахсий муносабатларидан устун туриши лозим.

Зеро, бола ота-онасининг ўзаро келишмовчиликлари учун жавобгар эмас. Унинг муносиб ҳаёт кечириши, таълим олиши, соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши учун зарур шароитларни яратиш ҳар бир ота-онанинг муқаддас бурчи, қонун билан белгиланган мажбуриятидир.

Боланинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш — бу фақат бугунги кун вазифаси эмас, балки келажак авлод олдидаги масъулиятимиздир.

Фуқаролик ишлари бўйича

Хатирчи туман суди раиси А.Ҳамраев

Article topics

Izoh qoldiring

Fikr bildirish