Бугунги кунда кредит муносабатлари аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. Кредит маблағлари орқали уй-жой сотиб олиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва турли эҳтиёжларни қондириш имконияти яратилмоқда.
Бироқ кредит олиш қанчалик осон кўринмасин, уни ўз вақтида қайтариш катта масъулият талаб этади.
Кредит шартномасига мувофиқ, банк қарз олувчига белгиланган миқдорда маблағ ажратиш, қарз олувчи эса олинган маблағни шартномада белгиланган муддат ва тартибда қайтариш ҳамда фоизларни тўлаш мажбуриятини олади.
Амалиётда кредит қарздорлигининг юзага келиши, тўловларнинг кечиктирилиши, пеня ва фоизларни ҳисоблаш, шунингдек кафилларнинг жавобгарлиги билан боғлиқ низолар кўп учрайди.
Бундай ҳолатларда қарз олувчи кредит шартномасининг шартларини, тўлов жадвалини ва ўз ҳуқуқларини яхши билиши муҳим. Айниқса, кафиллик шартномасини имзолашдан олдин кафил ўз зиммасига қандай мажбурият олаётганини тўлиқ англаб етиши лозим.
Кредит қарздорлигини суд тартибида ундиришда эса қарзнинг асосий қисми, ҳисобланган фоизлар ва бошқа тўловларнинг қонунийлиги, уларнинг ҳисоб-китоби ҳамда тақдим этилган далилларнинг асослилиги текширилиши зарур.
Шунингдек, суд низони ҳал этишда нафақат кредиторнинг талабларига, балки қарз олувчи ва кафилнинг қонуний манфаатларига ҳам эътибор қаратиши лозим.
2026 йил 10 ой давомида туман судида кредит ундириш билан боғлиқ 297 та даъво ишлари кўрилган, 2495 та суд буйруғи чиқарилган.
Ушбу ҳолатлар қарз олувчилар томонидан шартнома шартлари жиддий равишда бузилганлиги, ўз мажбуриятларини бажармаганлиги, кредитни қайтариш графигига риоя этмасдан, кредит асосий қарзи ва фоизларни белгиланган муддатларда тўламаганлиги, натижада муддати ўтган қарздордорлик вужудга келганлигидан далолат беради.
Хулоса қилиб айтганда, кредит — бу молиявий имконият билан бирга катта масъулият ҳамдир. Кредит олишдан олдин уни қайтариш имкониятини баҳолаш, шартнома шартларини диққат билан ўрганиш ва молиявий мажбуриятларга виждонан ёндашиш ҳар бир фуқаро учун муҳимдир.
Зеро, молиявий саводхонлик-қарздорликнинг олдини олиш ва иқтисодий барқарорликни таъминлашнинг муҳим шартидир.
Фуқаролик ишлари бўйича
Хатирчи туман суди раиси А.Ҳамраев

Izoh qoldiring