Asosiy mazmunga o‘tish

ОТА-ОНАЛИК ҲУҚУҚИДАН МАҲРУМ ҚИЛИШ — БОЛА МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯСИ ЙЎЛИДА

Оила — жамиятнинг асосий бўғини. Фарзанднинг соғлом ва баркамол инсон бўлиб вояга етиши, аввало, ота-онанинг масъулияти, меҳр-муҳаббати ва тарбиясига боғлиқ.

Афсуски, айрим ҳолларда ота-оналар ўз фарзандларини тарбиялаш, моддий таъминлаш ва уларга ғамхўрлик қилиш мажбуриятларини бажармайди. Бундай вазиятларда боланинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қонунчиликда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш институти назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 79-моддасига мувофиқ, ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаш, алимент тўлашдан бўйин товлаш, ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилиш, болага нисбатан шафқатсиз муомалада бўлиш, муттасил ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка мубтало бўлиш каби ҳолатлар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш учун асос бўлиши мумкин.

Бундай масала фақат суд тартибида ҳал этилади. Бунда суд ҳар бир ҳолатни атрофлича ўрганиб, далилларга ҳуқуқий баҳо бериши ва энг аввало, боланинг манфаатларини инобатга олиши лозим.

Эътиборли жиҳати шундаки, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахс фарзандини моддий таъминлаш мажбуриятидан озод этилмайди. Яъни алимент тўлаш мажбурияти сақланиб қолади.

Қонунчиликда айрим ҳолларда ота-оналик ҳуқуқини тиклаш имконияти ҳам назарда тутилган. Бунинг учун ота ёки она ўз хулқ-атворини ва бола тарбиясига бўлган муносабатини ўзгартирган бўлиши, ҳуқуқни тиклаш эса боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак.

Хулоса қилиб айтганда, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишнинг асосий мақсади ота ёки онани жазолаш эмас, балки боланинг ҳуқуқлари, хавфсизлиги ва муносиб тарбия олишини таъминлашдан иборат.

Зеро, ота-оналик — бу фақат ҳуқуқ эмас, балки фарзанд олдидаги улкан масъулият ҳамдир.

Фуқаролик ишлари бўйича

Хатирчи туман суди раиси А.Ҳамраев

Article topics

Izoh qoldiring

Fikr bildirish