Asosiy mazmunga o‘tish

СОЛИҚ ҚАРЗИНИ УНДИРИШДА ҚОНУНИЙЛИК ВА ФУҚАРО ҲУҚУҚЛАРИ

Солиқларни ўз вақтида ва тўлиқ тўлаш ҳар бир фуқаронинг қонунчиликда белгиланган мажбуриятларидан бири ҳисобланади. Давлат бюджети даромадларининг шаклланишида жисмоний шахслар томонидан тўланадиган мол-мулк, ер ва бошқа солиқларнинг ҳам алоҳида ўрни бор.

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасига кўра фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлаши шарт.

Бироқ айрим ҳолларда фуқаролар томонидан солиқ мажбуриятларининг ўз вақтида бажарилмаслиги натижасида солиқ қарздорлиги юзага келади. Бундай вазиятда солиқ қарзини ундириш чораларини қўллаш, энг аввало, қонун талабларига риоя этган ҳолда амалга оширилиши лозим.

Солиқ қарзини ундиришнинг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 120-моддасида солиқ қарзини ундиришнинг умумий қоидалари белгиланган. Унга кўра, солиқ қарзи белгиланган муддатда тўланмаган ёки тўлиқ тўланмаган тақдирда, уни ундириш Солиқ кодексининг 15-бобида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Якка тартибдаги тадбиркор бўлмаган жисмоний шахслардан солиқ қарзини ундиришнинг алоҳида тартиби эса Кодекснинг 125-моддасида мустаҳкамланган.

Мазкур моддага мувофиқ, жисмоний шахс солиқ тўлаш бўйича мажбуриятини белгиланган муддатда бажармаган тақдирда, солиқ органи унинг мол-мулки ҳисобидан солиқ қарзини ундириш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилишга ҳақли.

Шунингдек, агар жисмоний шахснинг солиқ қарзи умумий суммаси бир миллион сўмдан ошса, солиқ органи ундириш тўғрисидаги аризани судга тақдим этади. Ушбу аризанинг нусхаси судга берилган кундан кечиктирмай солиқ қарзи ундирилаётган шахсга юборилиши лозим.

Ундирув қандай тартибда амалга оширилади? Қонунчиликда жисмоний шахснинг мол-мулки ҳисобидан солиқ қарзини ундиришнинг аниқ кетма-кетлиги белгиланган.

Жумладан, ундирув дастлаб банк ҳисобварақларидаги пул маблағларига, кейин нақд пул маблағларига, қонунда назарда тутилган шартлар мавжуд бўлганда бошқа шахсларга берилган мол-мулкка ва ниҳоят бошқа мол-мулкка қаратилиши мумкин.

Бунда қонунда белгиланган кетма-кетликка қатъий риоя қилиниши шарт.

Айниқса, жисмоний шахс ёки унинг оила аъзоларининг кундалик шахсий фойдаланиши учун мўлжалланган мол-мулкига нисбатан қонунда белгиланган истиснолар инобатга олиниши лозим.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари солиқ қарздорлиги мавжудлиги фуқаронинг қонун билан кафолатланган ҳуқуқларини инкор этмайди. Солиқ органлари қарздорликнинг мавжудлиги, миқдори ва уни ундириш учун қонуний асослар борлигини аниқлаши, ҳар бир чорани белгиланган тартибда амалга ошириши зарур.

Фуқаро эса солиқ органидан қарздорликнинг келиб чиқиши, ҳисобланган суммалар ва уларнинг ҳуқуқий асослари ҳақида маълумот олишга, нотўғри ҳисобланган қарздорлик юзасидан эътироз билдиришга ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда судга мурожаат қилишга ҳақли.

Шу билан бирга, солиқ тўловчиларнинг ўз мажбуриятларига масъулият билан ёндашиши, солиқ тўловларини ўз вақтида амалга ошириши ва шахсий солиқ кабинетидаги маълумотларни кузатиб бориши муҳим аҳамиятга эга.

2026 йил 10 ой давомида туман судида фуқаролардан солиқ қарзни ундириш ҳақида 1967 та суд буйруғи чиқарилган.

Ушбу ҳолатлар фуқаролар томонидан конституциявий бурчларини ҳар доим ҳам тўлиқ бажармаётганидан далолат беради.

Хулоса ўрнида солиқ қарзини ундириш давлат бюджети манфаатларини таъминлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий механизмдир. Бироқ бу жараёнда қонунийлик, адолат ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тамойиллари ҳамиша устувор бўлиши керак.

Зеро, солиқ интизомини мустаҳкамлаш фақат қарздорликни ундириш билангина эмас, балки аҳоли ўртасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш, солиқ маданиятини шакллантириш ва ҳар бир фуқарода қонунга ҳурмат туйғусини кучайтириш орқали ҳам таъминланади.

Фуқаролик ишлари бўйича

Хатирчи туман суди раиси А.Ҳамраев

Article topics

Izoh qoldiring

Fikr bildirish