Кадастр агентлиги Навоий вилоят бошқармаси Хатирчи туман бўлимида уй-жой ва ер низоларига оид ишлар ҳамда коррупсияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларига бағишланган сайёр йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси А.А. Ҳамраев маъруза қилди. У ўз чиқишида уй-жой ва ер муносабатларига оид низоларни кўриб чиқишда амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш муҳим эканини таъкидлади. Шунингдек, уй-жой муносабатлари асосан Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодекси ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солиниши, айрим ҳолатларда эса ерга оид қонунчилик ва шаҳарсозликка доир норматив ҳужжатлар қўлланилиши ҳақида тушунтириш берди.
Маъруза давомида уй-жой кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ, фуқароларнинг уйда яшаш ҳуқуқи, уларнинг ҳуқуқий мақоми, уйда яшамаслик сабаблари ва низони ҳал этишда аҳамиятли бўлган бошқа ҳолатларни аниқлаш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари, бундай қонунбузарликларнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида ҳам сўз юритилди. Хусусан, 2024 йил 5 августда қабул қилинган “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти тушунтирилди. Ушбу қонунга кўра, белгиланган шартлар асосида айрим ҳолатларда фуқароларнинг ер участкалари ва унда қурилган иншоотларга бўлган ҳуқуқларини эътироф этиш масаласи кўриб чиқилиши мумкинлиги таъкидланди.
Йиғилишда шунингдек коррупсияга қарши курашиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Судья Ш.Ш. Каримов томонидан коррупсия тушунчаси, унинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда унга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган давлат сиёсати ҳақида маълумот берилди. Унинг таъкидлашича, коррупсия – мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатлар йўлида ноқонуний фойдаланиш ҳолати бўлиб, бундай ҳуқуқбузарликлар учун қонунчиликда қатъий жавобгарлик белгиланган.
Шунингдек, коррупсияга қарши курашишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, жамиятда коррупсияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Йиғилиш якунида иштирокчилар томонидан берилган саволларга жавоблар қайтарилиб, билдирилган таклиф ва мулоҳазалар муҳокама қилинди. Йиғилишда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Фуқаролик ишлари бўйича

Хатирчи туман суди раиси А.Хамраев

By admin

Fikr bildirish