Фуқаронинг муомала лаёқати фуқаролик ҳуқуқий муносабатларининг муҳим элементларидан бири ҳисобланади. Муомала лаёқати орқали шахс ўз ҳаракатлари билан ҳуқуқларга эга бўлади, мажбуриятлар олади ҳамда уларни мустақил равишда амалга оширади. Бироқ айрим ҳолларда шахснинг руҳий ҳолати ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англаш ёки уларни бошқариш имкониятини истисно этиши мумкин. Ана шундай вазиятларда қонунчилик фуқарони суд тартибида муомалага лаёқатсиз деб топиш имкониятини назарда тутади.

          Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 30-моддасига мувофиқ, руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги оқибатида ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган фуқаро суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилиши мумкин. Бундай фуқарога васийлик белгиланади ва унинг номидан битимларни васий амалга оширади. Агар фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топишга сабаб бўлган ҳолатлар бартараф этилса, суд уни муомалага лаёқатли деб топади ва васийлик бекор қилинади.
         Фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ишлар Фуқаролик процессуал кодексида белгиланган алоҳида иш юритиш тартибида кўриб чиқилади. Бундай ариза фуқаронинг оила аъзолари, васийлик ва ҳомийлик органлари, прокурор, даволаш муассасалари, бошқа давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда қонунчиликда назарда тутилган бошқа субъектлар томонидан судга киритилиши мумкин.

        Мазкур тоифадаги ишларни кўришда суднинг асосий вазифаси фуқаронинг ҳақиқий руҳий ҳолатига ҳуқуқий баҳо беришдан иборат. Шу мақсадда, қоида тариқасида, суд-психиатрия экспертизаси тайинланади. Экспертиза хулосаси муҳим далил ҳисобланса-да, у суд учун олдиндан белгиланган кучга эга эмас. Суд барча далилларни ўзаро боғлиқликда баҳолаб, қонуний ва асосли қарор қабул қилади.

         Фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топиш инсоннинг ҳуқуқларини чеклаш мақсадини кўзламайди. Аксинча, бу институт унинг шахсий ва мулкий ҳуқуқларини, шунингдек учинчи шахсларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган. Васий тайинланиши орқали фуқаронинг мол-мулки сақланиши, зарур тиббий ва ижтимоий ёрдам олиши ҳамда қонуний манфаатларининг таъминланишига ҳуқуқий асос яратилади.

         Шу билан бирга, суд фуқаронинг соғлиғи яхшилангани ва у ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англаш ҳамда уларни бошқариш қобилиятига эга бўлганини аниқласа, уни муомалага лаёқатли деб топиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Бу инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонунийлик тамойилларининг муҳим ифодасидир.

         Хулоса қилиб айтганда, фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ишлар судлар томонидан алоҳида масъулият билан кўриб чиқилади. Бу жараёнда қонунийлик, инсон қадр-қимматини ҳурмат қилиш, холислик ва адолат тамойилларига қатъий амал қилиниши, ҳар бир иш бўйича барча ҳолатлар тўлиқ ва ҳар томонлама ўрганилиши фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишнинг муҳим кафолати ҳисобланади.

        Фуқаролик ишлари бўйича

        Хатирчи туман суди раиси                                                    А.Ҳамраев

By admin

Fikr bildirish