Оила институтини мустаҳкамлаш, боланинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш давлат сиёсати устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Фарзандликка олиш ота-она қарамоғидан маҳрум бўлганболаларни оила муҳитида тарбиялашнинг энг самарали ҳуқуқийшаклларидан бири бўлиб, у боланинг барқарор ҳаёт кечириши ва камолтопиши учун муҳим аҳамият касб этади.

       Шу билан бирга, айрим ҳолатларда фарзандликка олиш боланинг манфаатларига зид бўлиб қолиши мумкин. Бундай вазиятларда қонунчиликдафарзандликка олишни бекор қилиш институти назарда тутилган.

       Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига мувофиқ, фарзандликка олишни бекор қилиш фақат суд тартибида амалга оширилади. Суд ишни кўришда, энг аввало, боланинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини устувор мезон сифатида баҳолайди.

      Фарзандликка олиш қуйидаги ҳолатларда бекор қилиниши мумкин:

      -ўз зиммаларига юклатилган мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаётган ёки уларни лозим даражада бажармаётган бўлсалар;

      -ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилаётган бўлсалар;

      -фарзандликка олинувчиларга нисбатан шафқатсизлик билан муомалада бўлсалар;

      -муттасил ичкиликбозликка ёки гиёвандликка мубтало бўлган бўлсалар бекор қилиниши лозим.

       Фарзандликка олишни бекор қилиш тўғрисидаги иш суд томонидан барча ҳолатлар ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текширилган ҳолда кўриб чиқилади. Заруратга кўра васийлик ва ҳомийлик органининг хулосаси, прокурорнинг иштироки, шунингдек, боланинг ёши ва фикри ҳам инобатга олинади.
       Суд қарор қабул қилишда фақат фарзандликка олувчиларнинг манфаатларидан эмас, балки боланинг келгуси ҳаёти, тарбияси, руҳий ва жисмоний ривожланиши учун қайси қарор энг мақбул эканлигидан келиб чиқади. Чунки ҳар қандай оилавий низода боланинг энг яхши манфаатлариустувор ҳисобланади.

       Фарзандликка олиш бекор қилинган тақдирда, суд боланинг кейинги тақдири, уни тарбияга бериш, алимент ундириш, фамилияси, исми ва бошқа ҳуқуқий масалаларни ҳам қонунчилик талабларидан келиб чиққан ҳолда ҳал этади.
       Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, фарзандликка олишни бекор қилиш жазо чораси эмас, балки боланинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий институт ҳисобланади. Шу боис мазкуртоифадаги ишлар судлар томонидан алоҳида масъулият ва синчковлик биланкўриб чиқилади.

      Фуқаролик ишлари бўйича 

       Хатирчи туман суди раиси                                                    А.Ҳамраев

By admin

Fikr bildirish