Ҳозирги кунда шаҳарсозлик ва қурилиш соҳасида қонунчилик талабларига риоя қилиш муҳим аҳамиятга эга. Бироқ амалиётда айрим шахслар томонидан ер участкасидан белгиланган тартибда фойдаланмасдан, тегишли рухсатномаларсиз иморатлар қуриш ҳолатлари учраб турибди. Бундай ҳолатлар нафақат шахсий мулкий муносабатларга, балки шаҳарсозлик тартиби ва жамоат манфаатларига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Мазкур ҳаракатлар ўзбошимчалик билан қурилиш деб баҳоланади ва қонунчиликка мувофиқ ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқаради.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролик қонунчилигига кўра, ўзбошимчалик билан қурилган иморат деб: тегишли ер участкасини ажратиш тўғрисида қарор бўлмаган ҳолда, қурилишга рухсатнома (лойиҳа ҳужжатлари) олмасдан, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига зид равишда қурилган бинолар тушунилади.
Бу ҳолатда қурилган иморат мулк ҳуқуқи объекти сифатида тан олинмаслиги мумкин.
Ўзбошимчалик билан қурилган иморат қуйидаги ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқаради:
-мулк ҳуқуқи тан олинмаслиги, яъни ўзбошимчалик билан қурилган иморат қонуний равишда рўйхатдан ўтказилмайди ва унга нисбатан мулк ҳуқуқи юзага келмайди.
-иморатни бузиш мажбурияти, яъни суд қарорига асосан бундай иморатлар бузилиши мумкин. Бузиш харажатлари одатда қурилишни амалга оширган шахс зиммасига юкланади.
-маъмурий жавобгарлик, яъни қурилиш қоидаларини бузганлик учун жарима, қурилишни тўхтатиш каби чоралар қўлланилади.
-ер участкасини олиб қўйиш, яъни ердан мақсадсиз ёки ноқонуний фойдаланилганда, ваколатли органлар томонидан ер участкасини қайтариб олиш мумкин.
-фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик, яъни агар қурилиш натижасида бошқа шахсларга зарар етказилса, айбдор шахс уни тўлиқ хажмда қоплаши шарт.
Ўзбошимчалик билан қурилишнинг олдини олиш учун қуйидагилар муҳим: қурилишдан олдин ер ҳуқуқини расмийлаштириш; лойиҳа ҳужжатларини тасдиқлатиш; ваколатли органлардан рухсатнома олиш; қурилиш нормалари ва санитар талабларга риоя қилиш; мутахассислар (архитектор, муҳандис) хизматидан фойдаланиш.
2018 йилда ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни тартибга солиш мақсадида эълон қилинган акция доирасида фуқароларга муайян муддат-амалий жиҳатдан “имконият ойнаси” сифатида қаралган бир йиллик давр тақдим этилди. Ушбу давр мобайнида фуқаролар ўзларига тегишли бўлган ноқонуний қурилишларни қонунлаштириш, тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш ва мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш имконига эга эдилар.
Бироқ амалиёт шу кўрсатдики, айрим фуқаролар томонидан ушбу имкониятдан тўлиқ фойдаланилмаган. Бунга бир қанча омиллар хусусан, ҳуқуқий билим ва ахборотнинг етарли эмаслиги, ҳужжатларни расмийлаштиришга нисбатан бепарволик, жараённинг мураккаб деб баҳоланиши ва бошқа ҳолатлар сабаб бўлган.
Натижада, фуқаролар ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан қонуний эгалик ҳуқуқини қўлга кирита олмади, бундай иморатлар кейинчалик ҳам ўзбошимча қурилиш сифатида баҳоланиб қолаверди, суд тартибида иморатни бузиш эҳтимоли юқори бўлиб қолди ҳамда бундай объектларни сотиш, ҳадя қилиш, мерос қилиб қолдириш каби ҳуқуқий харакатлар амалга ошириш имкони бўлмади.
Таҳлиллар ҳуқуқий имкониятлардан ўз вақтида фойдаланиш муҳимлигини кўрсатади. Давлат томонидан яратилган имтиёзли шароитлардан фойдаланмаслик фуқаролар учун кейинчалик янада оғир ҳуқуқий оқибатларга олиш келиши мумкин.
Мамлакатда узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерлар ва уларда қурилган уй-жойлар муаммосини ҳуқуқий жиҳатдан ҳал қилиш зарурати сабабли 05.08.2024 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги 937-сонли Қонуни қабул қилинди.
Фуқаролар шуни тушуниш лозимки мазкур қонун билан ҳар қандай қурилишга ёки ер участкасига исталган одам эгалик қила олмайди, фақат қонун билан белгиланган тартибда ва чекловлар асосида мулк ҳуқуқи вужудга келади.
Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судига ўзбошимчалик қурилган иморатларни бузиш ва ер участкасини қайтариш юзасидан 2025 йилда 134 та, 2026 йил 1-чорагида 47 та даъво аризалар киритилган бўлиб, деярли барча ҳолатларда қурилмалар ўзбошимчалик билан қурилган иморат деб топилган ва суд қарори асосида буздирилиши, ер участкаси давлат эгалигига қайтарилиши белгиланган.
Ваколатли органлар томонидан судларга киритилаётган даъволарнинг кўпайиши шуни кўрсатадики, қурилиш соҳасида қонунчилик талабларига риоя қилиш ҳар бир фуқаро учун жуда муҳим. Чунки олдиндан қонуний иш қилинса, кейинчалик судлашув ва муаммоларга ўрин қолмайди.
Хулоса шуки, ўзбошимчалик билан иморат қуриш қонунчиликни қўпол равишда бузиш ҳисобланиб, у жиддий ҳуқуқий оқибатларга олиб келади. Бу нафақат мулкдан маҳрум бўлиш, балки моддий зарар ва суд тортишувларига ҳам сабаб бўлади. Шу боис, ҳар қандай қурилиш ишлари фақат қонунчилик талаблари асосида амалга оширилиши лозим.
Фуқаролик ишлари бўйича
Хатирчи туман суди раиси А.Ҳамраев