Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 744-моддасида кўрсатилишича, кредит шартномаси буйича бир тараф – банк ёки бошка кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади. 

Даъвогар АИТБ «Ипак йўли» Навоий филиали ва жавобгар З.Ғ ўртасида тузилган 2023 йил 19 октябрдаги кредит шартномасига асосан банк томонидан жавобгар З.Ғ.га 60 ой муддатга, йиллик 27,99 фоиз тўлаш шарти билан автотранспорт воситаси сотиб олиш мақсадида 231.700.000 сўм кредит маблағи ажратилган.

Шартноманинг 5.4-бандига кўра қарздор кредит суммасини ва кредит учун ҳисобланган фоизларни тўлов графиги асосида ҳар ойда тўлаб бериш ва бошқа мажбуриятларни олган бўлсада, жавобгар З.Ғ. ўз мажбуриятларини бажармасдан, мунтазам равишда кредитни кечиктириб тўламасдан келган.

Натижада, банк судга кредит қарздорлигини ундириш ва ундирувни гаров мулкига қаратиш ҳақида даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Ишни кўриш жараёнида банк томонидан кредит қарздорлигини ундириш бўйича судга ариза билан бир неча марта мурожаат қилиб, 17.02.2025 йилда муддати ўтган қарз тўланганлиги сабабли кўрмасдан қолдирилган, 26.08.2025 йилда 18.861.000 сўм, 19.12.2025 йилда 21.718.000 сўм ундириш ҳақида суд буйруғи чиқарилганлиги аниқланди.

Бунга кўра, жавобгар томонидан кредит шартномаси шартлари мунтазам равишда бузилган.

Суд судда аниқланган иш ҳолатларидан келиб чиқиб, жавобгар томонидан шартнома шартлари жиддий равишда бузилганлигини, жавобгар ўз мажбуриятларини бажармаганлигини, кредитни қайтариш графигига риоя этмасдан, кредит асосий қарзи ва фоизларни белгиланган муддатларда тўламаганлигини, натижада муддати ўтган қарздордорлик вужудга келганлигини инобатга олиб, 05.03.2026 йилдаги ҳал қилув қарорига кўра даъвони қаноатлантиришни ва даъвогар АИТБ «Ипак йўли» фойдасига жавобгар З.Ғ.дан жами 189.887.000 сўм қарздорлигини ундиришни ва ундирувни гаров мулки бўлган “MALIBU 2” русумли автотранспорт воситасига қаратишни белгилади.

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси                                                       А.Ҳамраев

By admin

Fikr bildirish