Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар марказида инсон қадри, жамият хавфсизлиги ва барқарор тараққиёт масалалари устувор аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг 4-йўналишида белгиланган 84-мақсад ёшлар томонидан содир этиладиган олдини олиш мумкин бўлган жиноятларни камида 3 фоизга қисқартириш-давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Мазкур мақсад нафақат жиноятчиликка қарши кураш, балки унинг илдиз сабабларини бартараф этишга қаратилган комплекс ҳуқуқий ва ижтимоий чора-тадбирларни назарда тутади.
Бу вазифа давлат органлари, таълим муассасалари ва жамоатчиликнинг ўзаро ҳамкорлигини талаб этади.
Таҳлилларга кўра, ёшлар томонидан содир этиладиган жиноятларнинг катта қисми ижтимоий-иқтисодий омиллар, ҳуқуқий маданиятнинг пастлиги ва назорат механизмининг етарли эмаслиги билан боғлиқ.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига мувофиқ, жиноят-жамият учун хавфли бўлган айбли қилмиш ҳисобланади. Шу билан бирга, қонунчиликда жиноятларнинг олдини олиш давлатнинг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланган.
Ёшлар жиноятчилигини камайтиришда биринчи навбатда профилактика муҳим ўрин тутади. Бу борада, мактаб ва маҳаллаларда хавф гуруҳига кирувчи ёшларни аниқлаш, улар билан индивидуал ишлаш, профилактика инспекторлари ва таълим муассасалари ҳамкорлигини кучайтириш зарур.
Шунингдек, жиноятнинг олдини олишда ҳуқуқий маданият ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боис, мактаб ва олий таълим муассасаларида ҳуқуқий таълимни кучайтириш, “ҳуқуқий онг ва маданият” дарсларини амалий шаклда ўтиш, ёшларга жиноятнинг ҳуқуқий оқибатларини тушунтириш муҳим аҳамиятга касб этади.
Ишсизлик ва ижтимоий муаммолар ёшлар жиноятчилигининг асосий омилларидан бири ҳисобланади.
Шу нуқтаи назардан, ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш, касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ёшларни жиноят йўлига кириб кетишининг олдини олади.
Маҳалла жамиятда ижтимоий назоратни амалга оширувчи муҳим институт ҳисобланиб, у орқали муаммоли оилалар билан ишлаш, ёшларни назорат қилиш, профилактик тадбирлар ўтказиш имкони мавжуд. Бу эса жиноятчиликни камайтиришда самарали восита ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу белгиланган вазифаларни амалга ошириш комплекс ёндашувни талаб қилади. Профилактика, таълим, бандлик ва жамоатчилик назорати уйғунлиги орқали ёшлар жиноятчилигини камайтириш мумкин.
Бу эса жамиятда ҳуқуқий тартиб ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга ҳизмат қилади.
Фуқаролик ишлари бўйича
Хатирчи туман суди раиси А.Ҳамраев